ҲАРБИЙ ТИББИЁТ: ЗАМОНАВИЙ ТАҲДИДЛАР, ИЛМИЙ ЕЧИМЛАР ВА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий тиббиёт институти ташаббуси билан «Ҳарбий тиббиётнинг долзарб муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Мазкур анжуман ҳарбий тиббиёт соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, замонавий тиббий технологияларни ривожлантириш ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Конференцияда ҳарбий-тиббий хизматни такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, жанг майдонида тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари, биологик хавфсизлик, эпидемиологик назорат, тиббиётда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш каби устувор йўналишлар қамраб олинди.

Анжуман доирасида олимлар, ҳарбий тиббиёт мутахассислари ва амалиётчи шифокорлар томонидан илмий маърузалар тақдим этилди, илғор тажрибалар алмашилди ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган истиқболли таклифлар муҳокама қилинди.
Конференция нафақат илмий мулоқот майдони, балки ҳарбий тиббиётнинг келажакдаги ривожланиш йўналишларини белгилаш, инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш ва мамлакатимиз ҳарбий-тиббий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа бўлди.
Зеро, замонавий армиянинг жанговар салоҳияти нафақат унинг техник имкониятлари, балки ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш тизими билан ҳам белгиланади.